Thu. Apr 25th, 2024

Шаҳар ҳокимлигининг Фаоллар залида шу йилнинг 12 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти раислигида ўтказилган, маҳалла тизимини такомиллаштириш, маҳаллаларда тинчлик-осойишталикни мустаҳкамлаш, жиноятчиликнинг олдини олиш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида белгилаб берилган вазифалар ижросини таъминлаш ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Жамиятда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, маҳалла институтини янада қўллаб-қувватлаш ҳамда оила ва хотин-қизлар билан ишлаш тизимини янги даражага олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ижроси билан боғлиқ ташкилий масала кўрилди.

Йиғилишда Фарғона вилоят ҳокимининг ўринбосари, маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вилоят бошқармаси бошлиғи Саидмурод Аминжонов, Қўқон шаҳар ҳокими Маруфжон Усмонов, шаҳар прокурори, адлия кичик маслаҳатчиси Улуғбек Ҳамдамов, Қўқон шаҳар ИИО ФМБ бошлиғи, полковник Муҳиддин Жўраев, маҳалла фуқаролари йиғинлари раислари ва уларнинг маслаҳатчилари, участка нозирлари, депутатлар, ёшлар ва жамоат ташкилотлари, ўқув муассасалари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.

Шаҳар ҳокими Маруфжон Усмонов аҳоли осойишталигини таъминлаш, оила ва хотин-қизлар билан ишлаш тизимини янги даражага олиб чиқиш, нуронийлар ижтимоий фаоллигини ошириш, маҳаллани жиноятчиликдан ҳоли ҳудудга айлантиришда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари роли ва мавқеини янада мустаҳкамлаш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 24 январдаги Олий Мажлисга Мурожаатномасида белгиланган вазифаларни амалга ошириш мақсадида: шу йилнинг 18 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Жамиятда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, маҳалла институтини янада қўллаб-қувватлаш ҳамда оила ва хотин-қизлар билан ишлаш тизимини янги даражага олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони қабул қилинганини маълум қилди. 

Янги Фармон ушбу соҳада туб бурилиш ясаш, маҳалла ва давлат ўртасидаги ҳамкорликни янги, янада самарали босқичга олиб чиқиш имконини беради. 

Фармонга мувофиқ, ҳар бир маҳаллада «Обод ва хавфсиз маҳалла» тамойилига асосланган янги тизим жорий этилади.

Ушбу масала юзасидан Фарғона вилоят ҳокимининг ўринбосари, маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вилоят бошқармаси бошлиғи Саидмурод Аминжонов сўзга чиқиб, Қўқон шаҳар ҳокимлигининг тавсиясига биноан Мамаджонов Бурхон Мухамедович Қўқон шаҳар ҳокимининг ўринбосари, маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш шаҳар бўлими бошлиғи лавозимига тасдиқланганини маълум қилди.

Бурхон Мамаджонов билдирилган ишонч учун миннатдорчилик изҳор этиб, маҳалла ва эл-юрт фаровонлиги учун сидқидилдан хизмат қилишини билдирди. 

Йиғилишда, шунингдек янги тизимда маҳалла фуқаролари йиғинлари учун яратиладиган кенг имкониятлар ва айни пайтда олдинда турган муҳим вазифалар хусусида фикр алмашилди. 

Масалага ўз муносабатларини билдирган шаҳар прокурори, адлия кичик маслаҳатчиси Улуғбек Ҳамдамов, Қўқон шаҳар ИИО ФМБ бошлиғи, полковник Муҳиддин Жўраевлар ҳам маҳалла фуқаролари йиғинлари раислари ва маҳалла тизими хизматчиларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга тайёр эканликларини маълум қилдилар.