Sesh. Apr 16th, 2024

 

Қўқонда 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни тантанали нишонланмоқда. Ўрда майдони устозларни мадҳ этувчи шиорлар билан безатилиб, “Сизга таъзим, устозлар!” номли маърифий тадбир ўтказиляпти. Халқимиз учун қадрли бу айёмда шаҳримизнинг фахрий устозлари, нуронийлар, фаоллар, мактабгача таълим ташкилотлари тарбиячи-мураббийлари, мактаблар, касб-ҳунар коллежлари, олий ўқув юртлари раҳбарлари ва ўқитувчилари иштирок этишмоқда.

Байрам тадбирида Қўқон шаҳар ҳокими Маъруфжон Усмонов барчани Ўқитувчилар ва мураббийлар куни билан самимий қутлади, эзгу тилакларини йўллади.

– Ассалому алайкум, муҳтарам устозлар, азиз ҳамшаҳарлар!

Аввало, Сиз, азизларни, сизларнинг тимсолингизда устоз деган шарафли номни улуғлаб келаётган шаҳримиздаги барча инсонларни Ўқитувчи ва мураббийлар куни билан самимий табриклайман, – деди шаҳар ҳокими. – Бугун ушбу айёмни нишонлар эканмиз, биринчи навбатда, қадрдон мактабимиз, бизга ҳарф ўргатган, эзгуликдан сабоқ берган меҳрибон муаллимларимиз сиймоси кўз олдимизда гавдаланади.

Биз учун ибрат намунаси, юксак инсоний фазилатлар тимсоли бўлган азиз ва мўътабар зотлар шаънига энг гўзал сўзлар, эзгу тилакларимизни изҳор этамиз. Ҳеч қачон узиб бўлмайдиган қарздорлик ҳисси билан таъзим қиламиз.

Тантанали тадбирда касб байрамлари муносабати билан таълим-тарбия муассасалари, болалар мусиқа ва санъат ҳамда спорт мактабларининг уч юз нафардан зиёд вакиллари шаҳар ҳокимлиги Фахрий ёрлиғи, эсдалик совғалари билан тақдирландилар.

– Бугун шаҳримиз ўқитувчи ва мураббийлари қаторида юрт равнақи, таълим ривожи йўлида узоқ йиллар ҳалол ва машаққатли меҳнат қилган фахрий устозлар ҳам улуғланишмоқда. Ёшларга ибрат бўлган тажрибаларимиз қадрланяпти,- дейди шаҳримиз таълим жонкуяри, фахрий педагог Санобархон Олимова. – Бугун биз учун қўшалоқ байрам! Ўқитувчи ва мураббийлар ҳамда Нуронийлар кунини тантана қилмоқдамиз. Зеро, устозларни улуғлаш, қарияларни қадрлаш халқимизнинг савобли амалларидан. Барчага айёмлар муборак бўлсин дейман!

Тадбирда таниқли хонандалар ижроларида куй-қўшиқлар тингланиб, ўйин-кулгу қилиняпти. Байрам иштирокчиларига шаҳар Ёшлар иттифоқи фаоллари томонидан гуллар улашилмоқда.