Sesh. Fev 27th, 2024

“Оқ олтин” тантаналар саройида 8 март – Халқаро хотин қизлар байрамига бағишланган тантанали тадбир ташкил этилди. Тадбирга Қўқон шаҳрида турли соҳаларда фаолият юритаётган 500 дан ортиқ аёл-қизлар таклиф этилдилар.

Сарой фойёсида барча иштирокчилар гуллар ва совғалар билан кутиб олиниб, байрам дастурхонига таклиф этилдилар.

Тантанали маросимга Қўқон шаҳар ҳокими Маруфжон Усмонов ҳам ташриф буюриб барча аёл-қизларни байрам билан чин юракдан қутлади.

“Ўзбек аёли деганимизда эл-юрт манфаати олдида ўзини қурбон қилган Тўмарис, мард ва жасур Барчиной, Қўқон адабий муҳити асосчиларидан бўлган малика Нодирабегим, вафодорлик тимсоли бўлган Зулфияхонимлар кўз олдимизда гавдаланади.Бугунги кунда ҳам оила ташвишларидан ортиб, халқ манфаатлари, эл-юрт фаровонлиги йўлида фидокорона меҳнат қилаётган, турли соҳаларда эришаётган ютуқлари билан барчага ўрнак бўлаётган аёллар фидоийлик намунасини кўрсатиб келмоқдалар.”, деди шаҳар ҳокими.

Маруфжон Усмонов Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида ҳам аёллар ташаббусларини кўллаб-қувватлаш, уларга барча соҳаларда кенг имкониятлар, шароитлар яратиш бўйича аниқ мақсадлар белгилаб берилганини таъкидлаб ўтди.

Шундан сўнг шаҳар ҳокими фидокорона меҳнати, ижодий фаолияти, ҳамда маънавий маърифий ишлардаги ташаббуслари барчага ўрнак бўлаётган, кўрик танловларнинг республика ва вилоят босқичларида ғолиб бўлган, турли соҳаларда фаолият юритаётган шаҳримиз аёллари, фахрийлар ва ёш иқтидор соҳибларини Қўқон шаҳар ҳокимлигининг Ташаккурномаси ва эсдалик совғалари билан тақдирлади.

Байрам тадбирида эстрада хонандалари, миллий куй-қўшиқлар ижрочилари томонидан тайёрланган бадиий дастурни барча иштирокчилар кўтаринки кайфиятда байрамона безатилган дастурхон атрофида томоша қилдилар.