Yak. Apr 28th, 2024

1-сектор раҳбари, Қўқон шаҳар ҳокими Маруфжон Усмонов 28-Ачиқкўл маҳалласида ўтказилган йиғилишда ҳудуддаги фуқароларнинг муаммоларини бартараф этиш юзасидан чора-тадбирлар режасини белгилаб берди.

“Президентимизнинг Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида белгилаб берилган вазифалар ижроси устувор йўналишимиз бўлиши лозим,” деди сектор раҳбари. Камбағалликка барҳам бериш, бунга бир марталик ижтимоий ёрдам бериш билан эмас, балки фуқароларга илм бериш, уларни ҳунарга ўргатиш ва тадбиркорлик фаолиятини ташкил этишга кўмаклашиш орқали ижтимоий фаровонлигини ошириш бўйича кўрсатмалар берилди.

Кўп йиллик тажрибалар шуни кўрсатдики, бир марталик моддий ёрдам (бир неча бор берилса ҳам) фуқароларнинг ижтимоий даражасини ўзгартирмайди. Маблағ кундалик эҳтиёжларга сарфлаб юборилади. Ҳунар ўргатиш, касбга йўналтириш, тадбиркорликни ташкил этиш эса доимий даромад манбаи пайдо бўлишига ва фуқароларнинг ижтимоий таъминоти сезиларли даражада яхшиланишига сабаб бўлади.

Шу билан бир қаторда, сектор ишчи гуруҳларига ишчи мигрантлар билан ҳам профилактик тадбирлар олиб бориш, уларни соғломлаштириш ва илож қадар шаҳримизда иш билан таъминлаш чораларини кўриш борасида кўрсатмалар берилди.

Аҳоли билан ёшлар тарбиясига кўпроқ эътибор қаратиш, фарзандлар тарбияси учун ота-оналар масъулиятини оширишга қаратилган тарғибот ишларини ташкил этиш бўйича ҳам топшириқлар берилди. Шунингдек, сектор ҳудудида бўш турган ерлардан самарали фойдаланиш, ер ҳамда мол-мулк солиғи йиғимларини самарали ташкил этиш орқали маҳалла бюджетига қўшимча даромад орттиришни йўлга қўйиш бўйича кўрсатмалар берилди. Сектор раҳбари депутатларни ҳам аҳоли муаммоларини ўрганиш ва ҳал қилишда фаол бўлишга чақирди.