Shan. Apr 20th, 2024

Фарзандларнинг ота-онасига, ёшларнинг катталарга бўлган ҳурмати, оилаларда ўзаро меҳр-оқибат ва бошқа кўплаб масалалар Темирйўлчилар маданият саройида тўпланган юзлаб мутасадди раҳбарлар, ўқув муассасалари ва шаҳримиз маҳаллалари, корхона-ташкилотлари ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида муҳокама этилди. “Ёшларимизнинг таълим олиш, ҳунар ўрганишдан кўра компьютерхоналарда ўйин ўйнаб вақтларини ўтказаётганлиги, вояга етмаганлар ҳам жиноятга қўл ураётганига ким айбдор? Фарзандларимизнинг келажаги учун бугун биз қайғурмасак ким қайғуради?” Фарғона вилоят ҳокимининг жамоат ва диний ташкилотлар билан алоқалар бўйича ўринбосари Жамшид Хатамов юқоридаги саволлар билан бир қаторда оила, маҳалла, таълим муассасалари ва меҳнат жамоаларида ижтимоий-маънавий муҳитни ўрганиш ва соғломлаштиришга қаратилган фаолиятда иштирок этиш, “маҳалла–шаҳар–вилоят–республика” принципи асосида ҳудудлар кесимидаги ижтимоий-маънавий муҳит харитасини шакллантириш, бу жараёнга замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш масалаларига тўхталиб ўтди.

Корхона-ташкилотларида маънавий-маърифий тадбирларнинг ташкил этилиши қониқарли даражада эмас, айрим раҳбарлар маънавият ишлаб чиқариш самарадорлиги, ишчи-хизматчиларнинг оилавий муҳитини яхшилашга ижобий таъсир кўрсатишини тушуниб етмаган.
Республика маърифат тарғиботчилари маркази Фарғона бўлими раҳбари Шавкатжон Тўйчиев юқоридаги масалалар билан бир қаторда аҳоли ўртасида фаол фуқаролик позициясини шакллантириш, жамиятда миллий ва умуминсоний қадриятларга асосланган демократик тамойилларни қарор топтириш хусусида сўзлади.

Йиғилишда шунингдек, кийиниш одоби, “Жаҳолатга қарши маърифат” ғояси асосида жамиятда узлуксиз маънавий-маърифий тарбия ва тарғибот-ташвиқот ишларини ташкил этишнинг стратегик йўналишлари, таъсирчан, креатив ва инновацион услубларини ишлаб чиқиш, тинчлик ва осойишталикка, мамлакатимизнинг барқарор тараққиётига, қадрият ва урф-одатларга ҳамда инсонпарварлик ғояларига хавф солувчи турли ички ва ташқи таҳдидларга қарши самарали тарғибот ишларини олиб бориш масалалари муҳокама этилди.