Jum. Mar 29th, 2024

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам кўрсатиш ҳамда камбағаллик билан курашиш кўламини янада кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2021 йил 11 августдаги ПФ-6277-сон Фармони ижросини таъминлаш, шунингдек аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг 21.10.2021 йилда № 654 сонли Қарори қабул қилинган.

Оила аъзоларининг барча расмий даромадлари, шунингдек, оиланинг ҳар бир аъзосига тўғри келадиган бир ойлик ўртача жами даромаднинг ҳисоб-китоби, оила аъзоси номида мавжуд бўлган кўчмас мол-мулки ва автотранспорт воситалари тўғрисидаги маълумотлари ариза берилган ойдан кейинги ойнинг 1-санасига қадар «Ягона реестр» АТ томонидан автоматлаштирилган тарзда идоралараро электрон ўзаро ҳамкорликни қўллаган ҳолда жамланади ва ҳисоб-китоб қилинади. Оилани кам таъминланган оила деб эътироф этиш ва унга болалар нафақаси ёки моддий ёрдамни тайинлаш ёхуд тайинлашни рад этиш «Ягона реестр» АТ орқали автоматлаштирилган тарзда амалга оширилади.

Қуйидаги ҳолатлар мавжуд бўлганда, оилани кам таъминланган деб эътироф этиш ва унга тегишли равишда болалар нафақаси ёки моддий ёрдамни тайинлаш рад этилади:

Бир ойлик ўртача жами даромад белгиланган мезондан ошганда; Жами биттадан ортиқ кўчмас мулки ёки бир ва ундан ортиқ нотурар жой бинолари мавжуд бўлганда; ишлаб чиқарилган муддати 7 йилдан ошмаган, енгил автотранспорт воситаси; ишлаб чиқарилган муддати 15 йилдан ошмаган, юк ташувчи автотранспорт воситаси, автобус, микроавтобус, экскаватор, трактор, комбайн, юк ташувчи автотранспорт воситаларининг тиркамалари ва ярим тиркамалари, автокран ва бошқа қурилиш техникаси; жами икки ва ундан ортиқ, техник ҳолати соз бўлган енгил ва юк ташувчи автотранспорт воситалари, микроавтобус, экскаватор, трактор, комбайн, юк ташувчи автотранспорт воситаларининг тиркамалари ва ярим тиркамалари, автокран ва бошқа қурилиш техникаси; Тижорат банкларидаги депозит ҳисобварақларида ариза берилган ойда амалда бўлган меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг беш баравари ва ундан ортиқ миқдорда маблағлари мавжуд бўлганда;  ариза берилган ойда бозор қиймати меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг беш баравари ва ундан ортиқ суммани ташкил этувчи қимматли қоғозлар мавжуд бўлганда; Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Президенти Давлат хавфсизлик хизмати, Миллий гвардия, Давлат хавфсизлик хизмати, Давлат божхона қўмитаси, Мудофаа саноати давлат қўмитаси ҳамда уларнинг тизимидаги ташкилотларнинг хизматчилари ва ходимлари ёки уларнинг оила аъзолари (турмуш ўртоғи ва болалари), шунингдек, пенсионерлари томонидан аризалар тақдим этилганда; Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 9 январдаги 11-сон қарори билан тасдиқланган Судьялар ва уларнинг оила аъзолари пенсия таъминоти шартлари, меъёрлари ҳамда тартиби тўғрисидаги Низомга асосан пенсиялар билан таъминланганда; Болалар нафақаси ёки моддий ёрдам олувчи ва унинг оила аъзоси томонидан такрорий ариза тақдим этилганда. Оилада меҳнат органлари томонидан тайинланган ишсизлик нафақасини олаётган аъзолари мавжуд бўлганда; Оиланинг охирги 12 ой давомида иш қидираётган аъзоси томонидан меҳнат органларининг мақбул келадиган ишга доир таклифларини мунтазам равишда (икки ва ундан ортиқ маротаба) рад этилган ҳолларда; Расмий даромад манбаларига эга бўлмаган ва охирги олти ой мобайнида иш излаб меҳнат органларига мурожаат қилмаган ҳамда меҳнат органларида ҳисобда турмаган, ўзини ўзи банд қилган шахслар рўйхатига киритилмаган ёки ҳақ тўланадиган жамоат ишлари иштирокчиси ҳисобланмаган меҳнатга лаёқатли оила аъзоси мавжуд бўлганда.

Ушбу қоида қуйидагиларга нисбатан қўлланилмайди:

«Ягона миллий меҳнат тизими» идоралараро дастурий-аппарат комплексида ҳисобда турган шахсларга; бола уч ёшга тўлгунига қадар парвариш қилилаётган оналарга (уларнинг ўрнини босувчи шахсларга); таълим муассасаларида ўқиётганларга (таълимнинг кечки ва сиртқи шакллари бундан мустасно); ишламайдиган пенсионерларга, давлат пенсияси тайинлаш учун зарур иш стажига эга бўлмаган шахсларга ва меҳнатга лаёқатсизлик юзасидан нафақа олувчи фуқароларга, ОИВ инфекциясига чалинган шахсларга, I ёки II гуруҳ ва болаликдан ногиронлиги бўлган 18 ёшгача шахсларга; амалда томорқа ер ва/ёки деҳқон хўжалигини юритиш билан банд бўлган оила аъзоларига; 18 ёшгача болаликдан ногиронлиги бўлган, шу жумладан ОИВ инфекциясига чалинган шахсларнинг оналарига (онаси бўлмаган ҳолда отасига), оила аъзоси ҳисобланган I гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсни ёки ўзгалар парваришига муҳтож бўлган 80 ёшга тўлган кексаларни парвариш қилаётганларга; чет элда ишлайдиган ёки чет элда тадбиркорлик ва бошқа фаолиятни амалга оширувчи оила аъзоларига; оиланинг «Ҳар бир оила — тадбиркор» дастури доирасида оилавий тадбиркорликда банд бўлган, бироқ ушбу дастур бўйича микрокредит олинган санадан бошлаб кўпи билан 12 ой банд бўлган аъзоларига; суднинг қонуний кучга кирган ҳукми бўйича жазони ижро этиш муассасаларида бўлганлиги муносабати билан оилада бўлмаган аъзоларига; оиланинг чақириқ бўйича ҳарбий хизматни ўтаётган аъзоларига; боласини ёлғиз тарбиялаётган ёлғиз оналар (оталар)га ҳамда никоҳи бекор қилинган аёлларга; расмий даромад манбаларига эга бўлмаган ва охирги бир йил мобайнида «Темир дафтар» рўйхатида бўлган оилаларга;туман (шаҳар) аҳоли бандликка кўмаклашиш марказига иш қидирувчи сифатида расмий мурожаат қилган ёки ишсиз сифатида рўйхатга олинган, ушбу марказ томонидан касбга тайёрлашга, қайта тайёрлашга ёки малака оширишга юборилган, шунингдек, ўзини ўзи банд қилган фуқаролар рўйхатига киритилган шахсларга; тўрт ва ундан ортиқ ўн саккиз ёшга тўлмаган фарзанди мавжуд бўлган оиланинг меҳнатга лаёқатли ҳар бир аъзосига нисбатан.

Ўзини ўзи банд қилган фуқаролар Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасининг «Ягона реестр» АТ томонидан электрон сўров юборилган кунда ўзини ўзи банд қилган шахслар томонидан меҳнат стажи ҳисобланиши учун қонунчилик ҳужжатларида белгиланган (тўлиқ) миқдорда ижтимоий солиқ тўланганда ҳисобга олинади.

Боласини ёлғиз тарбиялаётган ёлғиз оналар (оталар) ҳамда никоҳи бекор қилинган аёллар тўғрисидаги маълумотлар Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлигининг «ФҲДЁнинг ягона электрон архиви» ахборот тизимидан олинган электрон маълумотларга асосан аниқлаштирилади.

Оиланинг бир аъзосига тўғри келадиган бир ойлик ўртача даромад болалар нафақаси ёки моддий ёрдам олиш учун мурожаат қилинган ойдан олдинги ойгача бўлган охирги уч ойи учун ҳисоблаб чиқилган барча оила аъзоларининг даромади суммасини оила таркибига киритиладиган оила аъзолари сонига ва учга бўлиш орқали аниқланади.

Якка тартибдаги тадбиркорлик фаолиятидан олинган даромадни аниқлашда якка тартибдаги тадбиркорлар учун жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг қатъий белгиланган бир ойлик суммасининг ўн баравари миқдорига тенг бўлган, бироқ меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг икки бараваридан кам бўлмаган бир ойлик ўртача норматив даромад миқдори қабул қилинади.

Ўзини ўзи банд қилган фуқароларнинг даромадлари миқдорини аниқлашда даромад аниқланаётган даврда меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг икки баравари миқдорига тенг бўлган бир ойлик ўртача норматив даромад миқдори қабул қилинади.

Агар электрон ахборот алмашинуви орқали олинган маълумотларда чет элда ишлайдиган ёки чет элда тадбиркорлик ва бошқа фаолият турини амалга оширувчи оила аъзоларидан пул ўтказмалари миқдори аниқланмаса, у ҳолда оиланинг бир ойлик ўртача жами даромадини аниқлаш учун оиланинг чет элда ишлайдиган ёки чет элда тадбиркорлик ва бошқа фаолиятни амалга оширувчи оила аъзосига даромад аниқланаётган даврда меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг икки баравари миқдорига тенг бўлган бир ойлик ўртача норматив даромад миқдори қабул қилинади.

Ушбу бандда кўрсатилган оила аъзоси (аъзолари) нинг бир ойлик ўртача норматив даромади оиланинг ўртача ойлик даромадини аниқлаш учун уч ойга кўпайтирилган ҳолда ҳисоб-китоб қилинади.

Ўзб.Рес. ВМ 21.10.2021 йилдаги                                                   Қўқон шахар БТПЖ бўлим

№ 654-сонли Қарори билан тасдиқланган.                                  Бошлиғи М.Гуламов