Йиғилишда Маҳаллани қўллаб-қувватлаш шаҳар кенгаши раиси, Қўқон шаҳар ҳокими Маруфжон Усмонов, шаҳар кенгаши аъзолари, маҳаллалар раислари, кун тартибидаги масалаларга алоқадор раҳбарлар ҳамда оммавий ахборот воситалари иштирок этдилар.
Иштирокчилар Президентимизнинг “Маҳалла институтининг жамиятдаги ролини тубдан ошириш ва унинг аҳоли муаммоларини ҳал этишда биринчи бўғин сифатида ишлашини таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони ҳамда “Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси фаолиятини йўлга қўйиш ва маҳаллаларда бошқарув тизимини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қароридан келиб чиқадиган вазифаларни муҳокама этдилар.
Қўқон шаҳар ҳокими Маруфжон Усмонов сўнгги йилларда мамлакатимизда маҳалла институтини қўллаб-қувватлаш ва нуфузини ошириш борасида амалга оширилган ишлар, янги кўринишдаги маҳалла тизимида ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, фуқаролар билан ишлаш борасида яратилаётган имкониятлар ва қулайликлар ҳусусида маълумот берди.
Давлатимиз раҳбари раислигида ўтказилган Республика Маънавият ва маърифат кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида белгилаб берилган вазифалардан келиб чиқиб маҳалла тизимида амалга оширилиши лозим бўлган долзарб вазифаларга ҳам алоҳида эътибор қаратилиб, бу борада Республика Маънавият ва маърифат маркази Қўқон шаҳар бўлими раҳбари Ислом Файзуллаевнинг маърузаси ўқиб эшиттирилди.
Кун тартибидаги масалалар юзасидан бир қатор маҳалла раисларининг ҳам фикр мулоҳазалари тингланди.
Йиғилишда Маҳаллани қўллаб-қувватлаш Фарғона вилояти кенгашиганинг ташкилий йиғилишида иштирок этиш учун делегатларни сайлаб олиш масаласи кўриб чиқилиб, белгиланган кворум бўйича 12 нафар раислар вилоят кенгашига вакил этиб сайландилар.