Jum. Apr 19th, 2024

Қўқонда “Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик” шиори остида ўтказилаётган Маънавият фестивали доирасида “Мақом кечалари” концерт дастури намойиш этилди.

 

Фурқат боғида ташкил этилган тадбирни Қўқон шаҳар ҳокими Маруфжон Усмонов очиб бериб, концерт иштирокчиларини қутлади. Мамлакатимизда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан халқимиз маданий меросининг ажралмас қисми бўлган миллий мақом санъатини ривожлантиришга қаратилаётган эътибор хусусида тўхталиб ўтди.

 

Ўзбекистон Республикаси Давлат Мустақиллигининг 30 йиллиги муносабати билан ташкил этилган концерт дастури Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтининг Фарғона минтақавий филиали ўқитувчи ҳамда талабаларидан ташкил топган “Янги Ўзбекистоннинг ёшлар ансамбли” томонидан ижро этилди.

 

Дастурда Ўзбекистон халқ артисти Муножот Йўлчиева ҳамда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Салоҳиддин Азизбоевлар ҳам ўз қўшиқларини ижро этдилар. Концерт дастурини минглаб ҳамшаҳарларимиз ва шаҳримиз меҳмонлари томоша қилдилар.