Бирлашган Миллатлар ташкилоти контр-терроризм марказининг маълумотларига кўра терроризм дунёдаги турли мамлакатлардаги ёшларни ўз оғушига тортиб келмоқда ва ушбу масала инсониятни ўйлантириб келаётган глобал муаммо.
Қўқон давлат педагогика институтида талабалар ва устозлар, маънавият тарғиботчилари, имом хатиблар, отинойилар иштирокида ўтказилган семинарда бутун жаҳонда долзарб бўлиб турган ушбу муаммо билан боғлиқ Ўзбекистонда мавжуд хавф-хатарлар, радикал, экстремистик ташкилотларнинг асл мақсади таҳлил этилиб, уларга қарши кураш бўйича услубий тавсиялар ва маслаҳатлар берилди.
Тадбирда иштирок этган Қўқон шаҳар ҳокими Маруфжон Усмонов мамлакатимизда давлатимиз раҳбари раҳнамолигида амалга оширилаётган тинчликпарвар ва халқпарвар сиёсат, ёшларнинг салоҳиятларини намоён этиш учун яратилган кенг имкониятлар хусусда фикр юритди.
Жаҳолатга қарши маърифат мавзусидаги кўргазмада ёшлар мамлакатимиз тасвирий санъат усталарининг терроризм ва экстремизмга қарши ғояларни тарғиб этувчи галерея билан танишиб, семинар давомида олға сурилган ғояларни визуал даражада тасаввур этиш имкониятига эга бўлдилар.