“Солиқчи – кўмакчи” тамойили асосида амалга оширилаётган ишлар юзасидан Қўққон шаҳар солиқ инспекцияси бошлиғининг ҳисоботи
2023-йил 1-январдан бошлаб солиқ қонунчилигига қатор ўзгартиришлар киритилди. Хусусан, айланмадан олинадиган солиқ ставкалари солиқ тўловчиларнинг барча тоифалари учун 4% миқдоридаги ягона ставкани белгилаган ҳолда бирхиллаштирилди.
Бундан ташқари, 2023-йил 1-январдан бошлаб айланмадан олинадиган солиқни қатъий белгиланган суммада тўлаш тартиби жорий этилди.
Шуни таʼкидлаш жоизки, мазкур тартиб бўйича солиқ тўлаш ихтиёрий ҳисобланади. Ушбу тартибни танлаш тадбиркорлик субектлари учун қуйидаги енгилликларни яратиб беради:
– солиқ органларига молиявий ҳисоботлар ва айланмадан олинадиган солиқ ҳисоботини тақдим этиш мажбурияти юзага келмайди;
– банк ҳисобварағидан дивиденд тарзида ечиб олинадиган маблағлар солиққа тортилмайди;
– товарлар ҳисобини юритиш талаб этилмайди.
Таъкидлаш жоиз, айни пайтда Президентимиз томонидан тадбиркорлар ҳар томонлама қўллаб-қувватланмоқда. Бинобарин, Ёшларнинг мустақил ҳаётга қадам қўйишлари, ўз иқтидори ва салоҳиятини тўлиқ намоён этишлари учун шароитларни кенгайтириш, уларнинг бандлигига кўмаклашиш, доимий иш билан ҳамда муносиб даромад олишини та’минлаш борасида олиб борилаётган ислоҳотларни изчил давом эттириш мақсадида “Ёшларнинг бандлигига кўмаклашиш ҳамда уларни доимий иш билан таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент фармони (ПФ–61-сон, 26.04.2023 й.) қабул қилинди.