Pay. Mar 28th, 2024

Қўқон шаҳар ҳокимининг ваколатлари

Қўқон шаҳар ҳокими қонунларнинг ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари, Ўзбекистон Республикаси Президенти, Вазирлар Маҳкамаси ҳужжатларининг, юқори турувчи органлар ва халқ депутатлари Қўқон шаҳар Кенгаши қарорларининг ижросини ташкил этади;

жамоат тартибига риоя этилиши ва жиноятчиликка қарши кураш, фуқароларнинг хавфсизлигини таъминлаш, уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва саломатлигини муҳофаза этиш билан боғлиқ чора-тадбирлар кўради, табиий офатлар, эпидемиялар ва бошқа фавқулодда ҳолларда тегишли ишларни ташкил этади;

шаҳар бюджетидан ҳудудий бюджет маблағларини тақсимловчиларга бюджет сўровини тузиш учун ажратиладиган бюджет маблағларининг чекланган миқдорларини кўриб чиқади ва тасдиқлайди; шаҳарни иқтисодий ва ижтимоий ривожлантиришнинг асосий йўналишларини, шаҳар маҳаллий бюджетининг, шаҳар бюджетининг тегишли лойиҳасини, шунингдек унинг ижроси тўғрисидаги ҳисоботни халқ депутатлари Қўқон шаҳар Кенгашига тақдим этади;

халқ депутатлари Қўқон шаҳар Кенгашига шаҳарни ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг энг муҳим ва долзарб масалалари юзасидан ҳисоботлар тақдим этади;

ҳоким ўринбосарлари ва ижроия ҳокимияти структура бўлинмаларининг раҳбарларини лавозимга тайинлаш ва лавозимдан озод этиш тўғрисидаги қарорларни халқ депутатлари Қўқон шаҳар Кенгаши тасдиғига тақдим этади;

ҳокимлик девони бўлинмалари раҳбарларини лавозимга тайинлайди ва лавозимдан озод қилади; раҳбарлари халқ депутатлари Қўқон шаҳар Кенгаши томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод этиладиган ижроия ҳокимияти структура бўлинмаларининг ишини назорат қилади;

халқ депутатлари Қўқон шаҳар Кенгаши ва ҳоким қабул қилган ва чиқарган ҳужжатларни бажармаганликлари учун мансабдор шахсларни интизомий жавобгарликка тортиш тўғрисида қонунда белгиланган тартибда тақдимнома киритади; давлат мукофотлари билан тақдирлашга доир илтимосномаларни қараб чиқади ва таклифлар киритади;

республика ва хорижда Қўқон шаҳрининг расмий вакили сифатида иш кўради;

қонун ҳужжатларида белгиланадиган алоҳида солиқлар бўйича белгиланган ставкаларга шаҳарнинг хусусиятларини инобатга олган ҳолда пасайтирувчи ва ошиб борувчи коэффициентларни киритади; аҳолини қабул қилишни ташкил этади, фуқароларнинг шикоятлари, аризалари ва таклифларини қўриб чиқади;

Уй-жой мулкдорлари ва уй-жойдан фойдаланувчилар коммунал хизматлар тўлови ва мажбурий бадалларни тўлашга доир талабларни қўпол равишда бузган ҳолларда Қўқон шаҳар ҳокими коммунал хизматлар тўлови ва мажбурий бадалларни тўлаш бўйича қарзларни ундириш тўғрисида коммунал хизмат кўрсатувчилар ёки уй-жой мулкдорлари ширкатларининг тақдимномасига мувофиқ даъволар билан судга мурожаат қилади.

Қўқон шаҳар ҳокими режалаштириш, бюджет, молия, ҳисоб-китоб, шаҳар мулкини бошқариш, мулкчиликнинг турли шаклига мансуб корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар билан ҳамжиҳатлик қилиш, қишлоқ хўжалиги, ер ва бошқа табиий ресурслардан фойдаланиш, табиатни муҳофаза қилиш, қурилиш, транспорт, йўл хўжалиги ва алоқа, аҳолига коммунал, савдо ва ижтимоий-маданий хизмат кўрсатиш, аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш, қонунийлик, ҳуқуқ-тартибот ва хавфсизликни таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини муҳофаза қилиш соҳасида қонун ҳужжатларида ўз ваколатига берилган бошқа масалаларни ҳам ҳал этади. Асос: Ўзбекистон Республикасининг “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги Қонуни, 25-модда.