Қўқон шаҳрида «Ўзбек тили нуфузини мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари» мавзусида Республика илмий-амалий конференцияси ўтказилди.
Ўзбекистон Республикаси олий таълим вазирлиги, Қўқон шаҳар ҳокимлиги ва Қўқон давлат педагогика институти ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда Қўқон шаҳар ҳокими Маруфжон Усмонов ҳам иштирок этди.
Шаҳар ҳокими мамлакатимизда Президентимизнинг ташаббуслари билан давлат тили нуфузини ошириш, жаҳонда унинг мақомини юксалтириш борасида амалга оширилаётган ишлар хусусида тўхталиб ўтди.
Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганининг 33 йиллиги муносабати билан ташкил этилган конференцияда тилшунос ва адабиётшунос олимлар, умумтаълим мактаблари она тили ва адабиёти фани ўқитувчилари, талабалар, ўқувчилар ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этдилар.
Қўқон шаҳар ҳокими шаҳримиз таълим муассасаларида ўтказилган иншолар танловида ғолиб бўлган иштирокчиларни қутлаб, Фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари билан тақдирлади.
Онлайн платформа ёрдамида жонли узатилган илмий-амалий конференцияда мамлакатимизнинг турли олий таълим муассасаларидан иштирокчилар ҳам қатнашдилар.
Конференцияда замонавий ўзбек тилини ўқитиш, давлат тили тўғрисидаги қонунларга риоя этиш каби кўплаб масалалар муҳокама этилди.
Таълим муассасалари ёшлар ижодий жамоалари томонидан ижро этилган миллий қўшиқлар, шеърлар ва саҳна кўринишлари конференция иштирокчиларига муносиб кайфият бахшида этди.