Қўқон шаҳри ҳокими Маъруфжон Усмонов Жанубий Корея – Ўзбекистон бизнес ассоциацияси раисининг биринчи ўринбосари Ким Чанг Кеон бошчилигидаги делегация аъзолари билан учрашди.
Жанубий Корея делегациясининг ташрифи Ўзбекистоннинг Сеулдаги элчихонаси томонидан ташкил этилган.
Учрашувда Қўқон шаҳрида Жанубий Корея тажрибаси асосида бунёд этилаётган замонавий кўп қаватли уй-жойлар ва ижтимоий инфратузилмани ўз ичига олган “Hanshin Park City” мажмуаси бўйича музокаралар олиб борилди.
Лойиҳа “Hanshin Engineering & Construction”, “Plus International” ва “Eurasia Networks Group” каби етакчи қурилиш компаниялари иштирокидаги консорциум томонидан амалга оширилмоқда.
Ушбу мажмуа доирасида қурилиши режалаштирилган замонавий хонадонларнинг намунаси барпо этилди ва маҳаллий аҳоли эътиборига тақдим этилди. Ҳозирги пайтда қурилиш ишлари фаол равишда давом эттирилмоқда ва лойиҳа бўйича барча ишлар 2025 йилда якунланиши режалаштирилган.
Ким Чанг Кеон ушбу мажмуа Ўзбекистонда хорижий ҳамкор томонидан энг йирик уй-жой қурилиши бўйича амалга оширилаётган лойиҳа эканини таъкидлар экан, у Жанубий Корея – Ўзбекистон бизнес ассоциацияси ва Ўзбекистоннинг Сеулдаги элчихонаси томонидан тўлиқ қўллаб-қувватланаётганини қайд этди. Ушбу лойиҳа доирасида маҳаллий аҳоли учун экологик тоза қурилиш материалларидан 5 минг 170 та замонавий хонадонни барпо этиш кўзда тутилган.
Томонлар ушбу лойиҳа Ўзбекистон ва Жанубий Корея ўртасидаги узоқ йиллик ҳамкорлик ва икки халқ ўртасидаги дўстлик тимсоли бўлиб қолишини алоҳида эътироф этди.