Jum. Fev 23rd, 2024

Ҳурматли ҳамшаҳарлар!

Республика бўйича аномал совуқ ҳарорат давом этаётганлиги сабабли қувурларда газ босимининг кескин пасайиши кузатилмоқда.

Шу муносабат билан табиий газни, биринчи навбатда, шаҳардаги кўп қаватли уйлар, аҳоли хонадонлари ҳамда ижтимоий соҳа объектларига етказиб бериш чоралари кўрилмоқда.

Шу мақсадда айрим йирик ишлаб чиқарувчи саноат корхоналарига табиий газ етказиб бериш ҳажми кескин камайтирилди ҳамда шаҳардаги барча автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчалари фаолияти қисқа муддатга вақтинча тўхтатилди.

Шунингдек, шаҳардаги ортадиган талабни тўлиқ қондириш мақсадида автобензин ва дизель ёқилғиси маҳсулотлари қўшимча миқдорларда сотувга чиқарилди.

Шу ўринда, алоҳида қайд этиш керакки, Қўқон шаҳрида ҳар бир хонадонга етарли ҳажмда табиий газ етказиб бериш чоралари кўрилаётган бир пайтда айрим маҳаллаларда фуқароларнинг газ сўрғич насосларидан ноқонуний фойдаланиши аҳолига газ босимини бир меъёрда етказиб беришга тўсқинлик қилмоқда.

Азиз ҳамшаҳарлар!

Онахонлар, отахонлар, ака-ука, опа-сингиллар ноқонуний газ сўрғичлари ўрнатган фуқароларни нотўғри ишлардан қайтаришга, бировнинг ҳаққига ҳиёнат қилмасликка чақираман!

Ушбу ҳолатларни олдини олиш юзасидан кескин чора-тадбирлар олиб борилади ва аниқланган ҳолатлар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексининг 101 –моддасига асосан жазо чоралари кўрилади.

Ҳурматли ҳамшаҳарлар! Ҳаво ҳарорати кескин совиган шу кунларда имкон қадар жамоат транспортларидан фойдаланишингизни, зарурат бўлмаганда, уйда қолишингизни ҳамда хонадонингизда электр энергияси ва табиий газдан тежамкорлик билан фойдаланишингизни илтимос қиламиз.

Табиатни аномал совуғидан талофатсиз чиқиш учун барчамиз уюшқоқлик билан бирлашиб хамжихатликда иш олиб боришимиз зарур.

Шу ўткинчи ва синовли кунларда барчамиз ҳамжиҳатликда, бир-биримизни қўллаб-қувватлаб, маҳаллаларимиздаги ёлғиз-кекса кўшнилар, кўп болалик оилалар, фарзандини ёлғиp тарбиялаётган оналардан хабар олишимиз ногиронларга ғамхўрлик кўрсатишимиз лозим.

Ўзбекистон Гидрометеорология марказининг берган маълумотларига кўра мамлакатимиз ҳудудида об-ҳавонинг кескин совушига сабаб бўлган антициклон 14-15 январь кунлари мамлакатимиз ҳудудидан чиқиб кетади ва об-ҳавонинг барқарорлашиши кутилмоқда.

Мазкур ҳолатда юзага келиши мумкин бўлган фавқулодда ҳолатларни бартраф этиш мақсадида Қўқон шаҳрида туну-кун фаолият кўрсатадиган махсус штаб ўз ишини олиб боради. 

Азиз ҳамшаҳарлар! Келтирилган ноқулайликлар учун узр сўраймиз.