Pay. Mar 28th, 2024

8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан Қўқон енгил саноат маҳсус касб-ҳунар коллежида Қўқон шаҳар ҳокимлиги томонидан тарбияланувчилар учун байрам тадбири ташкил этилди.

Тадбирда иштирок этган Қўқон шаҳар ҳокими Маруфжон Усмонов тарбияланувчи қизларни байрам билан қутлар экан, мамлакатимизда ёшларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ва салоҳиятларини рўёбга чиқариш учун яратилаётган кенг имкониятлар хусусида сўзлади.

“Мамлакатимизда амалга оширилаётган халқпарвар сиёсатни куни кеча Юртбошимиз томонидан имзоланган  “Халқаро хотин-қизлар байрами муносабати билан озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаётган бир гуруҳ маҳкума аёлларни афв этиш тўғрисида”ги Фармони мисолида ҳам кўришимиз мумкин.  Адашиб, билиб-билмай жиноят содир этган, ҳозирги вақтда қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган 58 нафар аёл жазони ижро этиш муассасаларидан озод этилди”, деди шаҳар ҳокими.

Эстрада хонандалари куй-қўшиқлари, саҳна кўринишлари намойиш этилган байрам тадбирда барча тарбияланувчиларга Хотин-қизлар куни муносабати билан совғалар ва гуллар туҳфа этилди.

Байрам тадбирида коллеж тарбияланувчилари томонидан тайёрланган бадиий дастур ҳам намойиш этилиб томошабинларнинг олқишларига сазовор бўлди.

Кўтаринки кайфиятда ўтказилган маросимда байрам табриклари, бадиий чиқишларга уланиб кетди. Тадбир сўнггида барча иштирокчилар ёрқин хотираларни сақлаб қолиш мақсадида эсдалик учун суратга тушдилар.