Шу йилнинг 22 январь куни Қўқон шаҳар ҳокими Вроцлав Олий банк мактаби институти раҳбариятининг таклифига биноан Польшанинг Вроцлав шаҳрига етиб келди.
Вроцлав Олий Банк мактаби ректори Жасек Мерсик Қўқон шаҳар ҳокими Маруфжон Усмонов билан
Институт ректори Жасек Мерсик (Jacek Mercik) томонидан илиқ кутиб олинган Маруфжон Усмонов ўқув хоналари, талабалар учун яратилган шароитлар ва институтнинг янги қурилаётган биносида олиб борилаётган ишлар билан танишди.
Вроцлав шаҳрида институт раҳбарияти билан ўтказилган учрашув давомида Қўқон шаҳар ҳокими ўқув даргоҳи таълим дастури билан яқиндан таништирилди. Ўтказилган музокаралар давомида Қўқон шаҳрида институт филиалини ташкил этиш юзасидан сўнгги келишувларга эришилди. Учрашувда шаҳар ҳокимига ушбу лойиҳага сармоя киритиш истагида бўлган компания вакили ҳам ҳамрохлик қилди.
Қўқонда янги олий ўқув даргоҳининг очилиши шаҳримизда кўплаб тармоқларнинг ривожланишига хизмат қилади. Мавжуд ва янги саноат корхоналари учун малакали кадрлар етказиб бериш ва қўшимча иш ўринларини ташкил этиш имкони билан бир қаторда талабаларга хизмат кўрсатадиган соҳаларда (овқатланиш, ётоқхона кампуслар, транспорт) янги бизнес субъектларини ташкил этиш учун шароит яратилади.
Музокаралар натижасига кўра Вроцлав Олий Банк мактаби институти ректори Жасек Мерсик Қўқон шаҳрида институт филиалини очилишини қўллаб-қувватлашини билдирди.
Қўқон шаҳрида Польшадаги Вроцлав Олий Банк мактаби институти филиали очилиши режалаштирилаётганини олдинги хабарларимизда маълум қилган эдик.
2019 йилнинг май ойида ушбу мавзудаги меморандум институт вице-канцлери Барбара Шепанник ва шаҳар ҳокими Маруфжон Усмонов томонидан имзоланган эди.