Chor. Apr 17th, 2024

Қўқон мусиқали драма театри майдонида Юксалиш умуммиллий ҳаракати ташаббуси билан “Янги Ўзбекистон – янги сайловлар” шиори остида оммавий акция бўлиб ўтди. Акцияда ҳаракат фаоллари, барча партиялар вакиллари, сайловчилар, Қўқон университети, Қўқон давлат педагогика институти ва бошқа таълим муассасалари ўқитувчи ҳамда талабалари иштирок этдилар.

Қўқон шаҳар ҳокими Маъруфжон Усмонов акция иштирокчиларини 22 декабрда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари учун сайловларда фаол иштирок этиш, муносиб номзодларга овоз беришга чорлади.

Акцияда сайловчилар учун муҳим бўлган маълумотлар берилди. Яъни, Ўзбекистон Республикасининг Сайлов Кодекси мазмун-моҳияти, юртимизда сайловчиларнинг ягона электрон рўйхати шакллантирилганининг қулайликлари, “Бир сайловчи – бир овоз” принципини тўлиқ ва бехато амалга оширишга аҳамият қаратиш, муддатидан олдин овоз бериш тартиблари ҳақида сўз борди.

“Сизнинг овозингиз – Ватанимиз келажаги учун муҳим!” мавзусидаги ушбу миллий акция давомида сайловчилар айниқса 18 ёшга кирган, сайловда илк бор қатнашадиган ёшларнинг юртимиз келажагини белгиловчи муҳим сиёсий тадбирга оид ҳуқуқий дунёқарашлари кенгайтирилди. Акция иштирокчилари учун концерт ва бадиий дастур ҳам намойиш қилинди.