Jum. Mar 29th, 2024
Хоким ва ёшлар учрашуви

Шаҳар ҳокимлигининг Фаоллар залида ўтказилган “Ҳоким ва ёшлар” учрашувида шаҳар ҳокими Маруфжон Усмонов Президентимизнинг 2019 йил 27 декабрда Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги мактабда ёшларимизга Ўзбекистонни эртанги кунини қуришда билдирган ишончлари ва бу борада айтган сўзларини ёдга олди. Шу билан бир қаторда, Юртбошимизнинг Олий Мажлисга йўллаган мурожаатномаларида ҳам ёшлар тарбиясига қаратилган эътибор ҳамда давлат дастурлари доирасида ёшларнинг тадбиркорлик билан шуғулланишлари учун яратилган кенг имкониятларни таъкидлаб ўтди.

Учрашувнинг асосий қисмида ёшлар ўзларининг таклиф ва ғояларини билдириш имкониятларига эга бўлдилар. Хусусан, шаҳримиз хиёбонларида спорт майдончаларини ташкил этиш, инглиз тилини чуқурлаштирилган тартибда ўқитиш, Қўқонда “Ислоҳотда 5 ташаббус” ёшлар форумини ўтказиш, 11-синф ўқувчи ёшлари ўртасида йўл ҳаракати хавфсизлиги қоидалари ҳамда автомобиль бошқаришни ўрганиш мақсадида мактабларда тўгараклар ташкил қилиш, шаҳримизда экологик муҳитни яхшилаш каби 20 дан ортиқ янги таклиф ва ғоялар билдирилди.

Энг яхши ғоя ва таклифларни билдириган ёшларни шаҳар ҳокими ўзининг эсдалик совғалари – китоблар тўплами билан тақдирлади.

Маънавий-маърифий соҳада ёшларнинг фаоллигини ошириш, уларни билим олишга ва ҳунар ўрганишга жалб этиш борасида Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Қўқон шаҳар Кенгаши раиси Акбар Пайғамовнинг ҳам фикр-мулоҳазалари тингланди.

Учрашувда ёшларнинг тадбиркорлик фаолиятини ташкил этиш, кредит олиш, мактаб кутубхонасини китоблар билан бойитиш ва ишга жойлашиш юзасидан қилган мурожаатларини ҳал этиш юзасидан урашувда иштирок этган мутасадди ташкилотлар раҳбарларига топшириқлар берилди.

Учрашувда шунингдек, ёшлар ўртасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, маънавиятини юксалтириш ва Президентимизнинг 5 та ташаббуслари доирасида бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш масалаларига ҳам эътибор қаратилди.

Учрашувда ёшлар томонидан кўтарилган масалаларни ҳал этиш чораларини кўриш юзасидан “Йўл харитаси” ишлаб чиқилиб, унинг ижроси шаҳар ҳокими томонидан назорат қилиб борилиши белгиланди.