Chor. Apr 24th, 2024
1-боб. Умумий қоидалар
1. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Эркин иқтисодий зоналарида (кейинчалик ЭИЗ деб аталади) солиқлар ва божхона тўловлари бўйича имтиёзларни қўллаш тартибини белгилайди.
2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Эркин иқтисодий зоналар фаолиятини жадаллаштириш ва кенгайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2016 йил 26 октябрдаги ПФ-4853-сон Фармонининг 3-бандига мувофиқ ЭИЗ иштирокчилари:
Олдинги таҳрирга қаранг.
ер солиғи, фойда солиғи, юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ, микрофирмалар ва кичик корхоналар учун ягона солиқ ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Республика йўл жамғармасига ва Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари умумтаълим ва тиббиёт муассасаларининг моддий-техника базасини ривожлантириш жамғармасига мажбурий тўловлар;
(2-банднинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 22 майдаги 384-сонли қарори таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 24.05.2018 й., 09/18/384/1266-сон)
ўз ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун олиб келинган асбоб-ускуналар, хомашё, материаллар ва бутловчи қисмлар учун божхона тўловлари (божхона расмийлаштируви йиғимларидан ташқари);
республикада ишлаб чиқарилмайдиган ва лойиҳаларни амалга ошириш доирасида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган рўйхат бўйича четдан олиб келинадиган қурилиш материаллари учун божхона тўловлари (божхона расмийлаштируви йиғимларидан ташқари) тўлашдан озод этилади.
3. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Эркин иқтисодий зоналар фаолиятини жадаллаштириш ва кенгайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2016 йил 26 октябрдаги ПФ-4853-сон Фармонининг 3-бандида назарда тутилган имтиёзлар киритилган инвестиция ҳажмига боғлиқ равишда 3 йилдан 10 йил муддатгача берилади, шу жумладан эквивалентда:
300 минг АҚШ долларидан 3 млн АҚШ долларигача инвестиция киритилганда — 3 йил муддатга;
3 млн АҚШ долларидан 5 млн АҚШ долларигача инвестиция киритилганда — 5 йил муддатга;
5 млн АҚШ долларидан 10 млн АҚШ долларигача инвестиция киритилганда — 7 йил муддатга;
10 млн АҚШ доллари ва ундан ортиқ инвестиция киритилганда — 10 йил муддатга, кейинги 5 йил мобайнида фойда солиғи ва ягона солиқ тўлови ставкалари амалдаги ставкалардан 50 фоиз паст миқдорда қўлланилган ҳолда берилади.
4. Қуйидагилар:
а) Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Навоий вилоятида эркин иқтисодий зона ташкил этиш» тўғрисида 2008 йил 2 декабрдаги ПФ-4059-сон Фармонининг 4-бандига мувофиқ ЭИЗда рўйхатга олинган хўжалик юритувчи субъектлар четдан олиб келинадиган ускуналар, шунингдек ЭИЗ фаолиятининг бутун даврида маҳсулотларни экспорт қилиш учун маҳсулот ишлаб чиқариш учун хомашё, материаллар ва бутловчи қисмлар учун (божхона расмийлаштируви йиғимларидан ташқари) божхона тўловларидан озод қилинадилар;
б) Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Эркин иқтисодий зоналар фаолиятини фаоллаштириш ва кенгайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2016 йил 26 октябрдаги ПФ-4853-сон Фармонининг 5-бандига мувофиқ «Ангрен» ЭИЗ ва «Жиззах» ЭИЗ иштирокчилари эркин иқтисодий зоналарнинг бутун фаолияти даврида четдан олиб келинадиган хомашё, материаллар ва бутловчи қисмлар учун божхона тўловларидан озод қилинадилар (божхона расмийлаштируви йиғимларидан ташқари);
в) Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ургут», «Ғиждувон», «Қўқон» ва «Ҳазорасп» эркин иқтисодий зоналарини ташкил этиш» тўғрисида» 2017 йил 12 январдаги ПФ-4931-сон Фармонининг 6-бандига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Эркин иқтисодий зоналар фаолиятини фаоллаштириш ва кенгайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2016 йил 26 октябрдаги ПФ-4853-сон Фармонининг 5-банди қоидалари «Ургут» ЭИЗ, «Ғиждувон» ЭИЗ, «Қўқон» ЭИЗ ва «Ҳазорасп» ЭИЗ иштирокчиларига татбиқ этилади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
г) Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Эркин иқтисодий зоналар ва кичик саноат зоналари фаолияти самарадорлигини ошириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2017 йил 25 октябрдаги ПҚ-3356-сон қарорининг 7-банди билан солиқлар ҳақидаги қонунлар ўзгарганда эркин иқтисодий зоналарнинг иштирокчилари солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлаш бўйича улар рўйхатдан ўтказилган санада амал қилган норма ва қоидаларни қўллашга ҳақли эканлиги, акциз солиғи олинадиган товарларга солиқ солишни тартибга солувчи ҳужжатларнинг нормалари ва қоидалари бундан мустасно эканлиги белгиланган.
(4-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 16 январдаги 29-сонли қарорига асосан «г» кичик банд билан тўлдирилган — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 18.01.2018 й., 09/18/29/0587-сон)
Олдинги таҳрирга қаранг.
д) Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Чорвоқ» эркин туристик зонасини ташкил этиш тўғрисида» 2017 йил 5 декабрдаги ПФ-5273-сон Фармонининг 3-банди билан «Чорвоқ» эркин туристик зонасига ва эркин туристик зона иштирокчилари сифатида рўйхатга олинган тадбиркорлик субъектларига эркин иқтисодий зоналар тўғрисидаги қонунчилик қоидалари, шу жумладан эркин иқтисодий зоналар ва уларнинг иштирокчилари учун назарда тутилган барча имтиёзлар ва преференциялар татбиқ этилади.
(4-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 15 майдаги 365-сонли қарорига асосан «д» кичик банд билан тўлдирилган — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 21.05.2018 й., 09/18/365/1235-сон)
5. Ушбу Низомнинг ва 4-бандларида кўрсатилган имтиёзлар фақат ЭИЗ иштирокчисининг инвестор (инвесторлар) ва эркин иқтисодий зона Дирекцияси (кейинги ўринларда Дирекция деб аталади) ўртасида тузилган Эркин иқтисодий зона ҳудудида инвестициялаш тўғрисидаги шартномада (кейинги ўринларда Инвестициялаш учун битим деб аталади) назарда тутилган фаолият турига татбиқ қилинади.
6. Божхона ва солиқ имтиёзларини қўллаш муддати ЭИЗ иштирокчисига бериладиган ЭИЗ иштирокчиси гувоҳномаси берилган кундан эътиборан бошланади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Бунда фойда солиғи ва ягона солиқ тўлови бўйича имтиёзларнинг амал қилиш муддати ЭИЗ ҳудудида ишлаб чиқариш объекти фойдаланишга қабул қилинган санадан бошлаб ҳисобланади.
Тадбиркорлик субъекти ЭИЗ иштирокчиси мақомидан маҳрум бўлганда, у ЭИЗ иштирокчиси мақомидан маҳрум қилинган ойдан кейинги ойнинг 1-кунидан ЭИЗ иштирокчиларига берилган имтиёзлар ва преференциялардан фойдаланмайди.
(6-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 16 январдаги 29-сонли қарорига асосан иккинчи ва учинчи хатбошилар билан тўлдирилган — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 18.01.2018 й., 09/18/29/0587-сон)
7. ЭИЗ иштирокчиси томонидан олдин берилган имтиёзлар муддатидан узоқроқ муддатли имтиёзлар ҳуқуқи қўлланиладиган ҳажмга етувчи инвестициялар миқдори оширилган тақдирда, имтиёзларни қўллаш муддати узоқроқ муддатга узайтирилади.
Бунда, агар инвестициялар ҳажми олдин берилган имтиёзлар муддати тугаганидан кейин кўпайтирилса, божхона имтиёзлари узоқроқ муддатли имтиёзлар ҳуқуқини берувчи миқдордаги инвестиция киритилган кундан, солиқ имтиёзлари эса — узоқроқ муддатли имтиёзлар ҳуқуқи юзага келган ойдан кейинги ойнинг 1-кунидан эътиборан қўлланилади.
Имтиёзларни қўллаш муддати имтиёзлар қўллаш бошланган кундан эътиборан ҳисобланади.
8. Дирекция тегишли давлат солиқ ва божхона органларининг сўровига мувофиқ ЭИЗ иштирокчилари томонидан Инвестициялаш тўғрисидаги шартномада назарда тутилган инвестициялар миқдори ҳақидаги маълумотларни тақдим қилади.
9. Давлат статистика органлари давлат солиқ ва божхона органларига ЭИЗ иштирокчилари томонидан электрон шаклда тақдим қилинган инвестиция миқдори кўрсаткичлари билан биргаликда тегишли давлат статистик ҳисоботларидан фойдаланиш имконини беради.
10. ЭИЗ иштирокчиларининг солиқ ва божхона имтиёзларини бухгалтерия ҳисоботида акс эттириш тартиби қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тартибга солинади.