Shan. Apr 20th, 2024

Ўзбекистон Давлат байроғи – тўқ мовий ранг, оқ ранг ва тўқ яшил рангли учта эндан таркиб топган тўғри тўртбурчак шаклидаги мато бизни дам йиғлатади, дам қувонтиради. Жонажон юртимизда униб-ўсган, Ўзбекистонга меҳри бойланган инсон борки, байроғимизнинг хилпирашини бефарқ кузатолмайди. Ўзимизни “ман” деймизми, “мен” деймизми, “я” деймизми – барчамиз учун байроғимиз чексиз маънога эга бирлаштирувчи кучдир.

Мамлакатимиз ҳаётидаги муҳим сиёсий тадбирлар, спорт мусобақалари, байрамларда ҳам байроғимиз она Ватанимизга чексиз эҳтиромимизни сингитиб олгандай мағрур туради. Ўзбекистон учун, миллатимиз ва халқимиз учун бор куч-ғайратимиз, салоҳиятимиз ва ҳаттоки жонимизни ҳам фидо этишга чорлайди.

18 ноябрь Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул қилинган кун арафасида Қўқон шаҳридаги бир қатор савдо муассасаларида харидорлар Давлат байроғи куни билан муборакбод этилиб, миллий байроғимиз туҳфа этилмоқда.

Савдо расталарида ҳам ўрнатиб қўйилаётган байроқлар ҳамшаҳарларимизга муҳим рамзимизни ёдга солиш, Ватанимиз ва халқимиз учун яна бир бор чексиз ғурур ҳиссини уйғотиш мақсадида безатилмоқда.