Шаҳар ҳокими тадбиркор аёлларни қутлади

“Шердор” тантаналар саройида 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан Қўқон шаҳар ҳокимлиги, “Тадбиркор аёл” уюшмаси шаҳар бўлими томонидан Қўқон шаҳрида фаолият юритаётган тадбиркор аёллар учун байрам тадбири ташкил этилди.

Маруфжон Усмонов аёл-қизларни байрам билан қутлар экан, бугунги кунда Ўзбекистон хотин-қизлари ҳаётимизнинг барча соҳа ва тармоқларида ўзларини тўла намоён этиб келаётганликларини таъкидлаб ўтди.

“Муҳтарам Юртбошимизнинг Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномаларида ҳам 2020 йилда 5,5 минг нафар хотин-қизнинг кичик бизнес йўналишидаги лойиҳаларига 100 миллиард сўм миқдорида имтиёзли кредит берилиши кўрсатиб ўтилди”, деди шаҳар ҳокими.

Шундан сўнг Маруфжон Усмонов фаол меҳнат фаолияти, хотин-қизлар ўртасида олиб бораётган маънавий-маърифий ишлари, оила ва жамиятни мустаҳкамлашга қўшган ҳиссаси ҳамда 8 март – Халқаро хотин-қизлар байрами муносабати билан бир қатор тадбиркор аёл-қизларни шаҳар ҳокимлигининг ташаккурномалари ва эсдалик совғалари билан тақдирлади.

Тадбир иштирокчилари мамлакатимизда хотин-қизлар масалаларига қаратилаётган эътибор учун Юртбошимиздан рози эканликларини билдириб, шаҳар ҳокимига миннатдорчилик изҳор этдилар. Тадбиркорлик соҳасида амалга оширилаётган барча ислоҳотларни қўллаб-қувваатлашларини билдириб, Маруфжон Усмоновга эсдалик совғаларини тақдим этдилар.