Pay. Apr 25th, 2024
коканд, qo'qon, kokand, қўқон

Бу борадаги дастлабки келишувларга Россиянинг “РАСС Груп” компанияси, унинг Ўзбекистондаги ҳамкори – “Импекс” савдо уйи вакиллари ва Қўқон шаҳар ҳокими Маруфжон Усмонов ўртасида ўтказилган музокараларда эришилди.

“РАСС Груп” компанияси вакили Александр Алтынников Қўқонда ёғочни қайта ишлаш корхонасини ташкил этиш ниятида эканлигини билдирди. Қўқон шаҳрининг географик жиҳатдан қулай жойлашуви, ривожланган инфратузилмасини таъкидлаб ўтди. Айни пайтда “Импекс” савдо уйи билан ҳамкорлигини кенгайтирган ҳолда, ёғоч импорти билан бир қаторда, ёғочни қайта ишлаш корхонасини ҳам ташкил этиш қарорига келганини билдирди. Александр Алтынников асбоб ускуналар кўринишида киритилиши режалаштирилаётган сармояларнинг умумий ҳажми камида 1 млн. долларни ташкил этиши мумкинлиги маълум қилди.

Қўқон шаҳар ҳокими ҳорижий сармоядорларга Қўқон Эркин Иқтисодий Зонаси доирасида яратилган кенг имкониятлар ҳусусида батафсил маълумот берди. Янги корхона учун талаб этилаётган 1 гектар майдоннинг ажратилишида ҳеч қандай муаммо бўлмаслигини билдирди. Янги корхона учун коммуникация тизимларини ўтказиб берилиши кафолатланганини таъкидлаб ўтди.

Самимий руҳда ўтган учрашув сўнггида сармоядорлар бир неча кун ичида “РАСС Груп” директорлар кенгашида янги корхонанинг ташкилий жиҳатларини муҳокама этиб, қурилиш ишларини бошлаб юборишига ишонч билдирди.