Jum. Apr 19th, 2024

Жамоа юқори натижаларга эришиши учун нима қилиш керак? Клуб раҳбарияти ва футолчиларнинг қандай муаммолари бор? Қўқон шаҳар ҳокими Маруфжон Усмонов Қўқон-1912 жамоасининг раҳбарлари, ўйинчилари, мураббийлари ва фан клуби аъзолари билан музокаралар олиб борди.

 

 

“Ҳар бир мураббий олдига навбатдаги мавсум кўрсаткичларини мақсад қилиб қўяди, ёш футболчиларни етиштириб чиқариш, ўринбосарлар тайёрлаш масаласи эътибордан четда қолиб кетмоқда. Жамоа ўзининг доимий тайёргарлик базасига эга бўлиши керак,” деб ўз фикрини билдирди жамоа Бош мураббийи Бахтиёр Ашурматов.

 

 

Маруфжон Усмонов ушбу масалани кўриб чиқишини билдириб, жамоа учун мос бўлган бино ажратиш чоралари кўрилишини маълум қилди. Шаҳар ҳокими ўз навбатида жамоамиз ўйинларини қўллаб-қувватлаш муҳим аҳамиятга эга эканлигини таъкидлаб ўтиб, фан клуб фаолияти билан қизиқди.

 

 

“Ўтган йили фан клуб фаолияти учун 30 млн. сўм ажратилган эди, жорий йилда мавсум бошланмасидан 10 млн. сўм ўтказиб беришди. Лекин бу етарли эмас албатта. Шунинг учун фан клуб аъзолиги бадалини жорий этиш ниятидамиз,” деди фан клуб етакчиси Ўлмасжон Сайфутдинов.

 

 

 

Шаҳар ҳокими дунёнинг етакчи жамоалари ва мамлакатимиз клублари тажрибасига асосланган Қўқон-1912 жамоаси фан клуби лойиҳаси ва ҳаражатлар сметасини тайёрлаб беришни таклиф этди. “Жамоа фан клубини энг илғор жамоалар тажрибаси асосида ташкил этамиз,” деди Маруфжон Усмонов. Айни пайтда жамоага муҳлислик қилиш маданияти, стадионда озодалик ва тартиб қоидаларига амал қилиш бўйича ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.

 

 

Учрашувда жамоа муҳлислари вакилининг ўйинларни соат 18:00 дан 19:00 га кўчириш таклифи ҳам кўриб чиқилди. Ушбу масала Ўзбекистон Футбол Федерацияси билан муҳокама этиладиган бўлди.

 

 

 

Шаҳар ҳокими Маруфжон Усмонов жамоанинг жорий мавсумга тайёргарлиги билан ҳам қизиқди. Жамоа ўйинчилари Александр Мерзляков ва Сухроб Бердиевлар бу йилги ўртоқлик учрашувларида жамоа бир мартта ҳам мағлубиятга учрамаганини таъкидлаб, жорий мавсумда юқори натижаларга эришишларига ишонч билдирди.

 

 

Шаҳар ҳокими кўрилган масалалар юзасидан учрашувда иштирок этган мутасадди раҳбарларга топшириқлар берди.