Pay. Apr 25th, 2024

Шаҳар ҳокимлигининг Вояга етмаганлар ишлари бўйича идоралараро комиссияси, “Ёшлар – келажагимиз” жамғармаси, Ёшлар иттифоқи шаҳар Кенгаши, ИИО ФМБ Вояга етмаганлар билан ишлаш инспексияси мутасаддилари иштирокида шаҳримиз кўчаларида мактабга бормаган ёшларни аниқлаш, дарс вақтида тирикчилик, савдо-сотиқ ва бошқа ишлар билан шуғулланишларининг олдини олишга қаратилган тадбир ўтказилди.

Назорат тадбирида шаҳримизнинг 20 ва 5-умумтаълим мактаблари ўқувчилари узрли сабабсиз дарсда қатнашмагани, яна бир боланинг ота-онаси тиланчилик билан шуғулланишга мажбур этаётгани аниқланди.

Аниқланган ҳолатлар бўйича тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, мактаб раҳбарияти ва ёшларнинг ота-оналарига қонунда белгиланган чоралар кўриладиган бўлди.

Шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш жоизки, ёшларнинг таълим олишлари учун мактаб билан бир қаторда, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик Кодексининг 47-моддасига асосан Болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш борасидаги мажбуриятларни бажармаслик учун ҳам ота-оналарнинг жавобгарлиги белгиланган.

“Ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан вояга етмаган болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш борасидаги мажбуриятларни бажармаслик, шу жумладан вояга етмаган болаларнинг ҳуқуқбузарлик содир этишига олиб келиши — енг кам иш ҳақининг иккидан бир қисмидан уч бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.”