Jum. Apr 19th, 2024

Бугун – 22 декабрь куни бўлиб ўтаётган сайловлар илк бор янги Сайлов кодексига мувофиқ ўтказилмоқда. Бу йилги сайловларда Қўқон шаҳрида 147 856 нафар сайловчи овоз бериши кутилмоқда.

Бугун эрта тонгданоқ барча сайлов участкаларимиз байрамона кайфият билан ўз келажагини белгилаш учун келган ҳамшаҳарларимиз билан гавжум бўлди. Ҳамшаҳарларимиздан биринчилардан бўлиб Қўқон шаҳар ҳокими Маруфжон Усмонов ҳам овоз беришда иштирок этди.

Айни пайтда Қўқон шаҳрида 251 700 нафар фуқаро истиқомат қилади. Сайловчиларнинг умумий сони 147 856 нафарни ташкил этади. Эътиборлиси, бу йил 18 ёшга кириб, сайловларда илк бор иштирок этувчи йигит-қизларимиз 3983 нафардан иборатдир.

Сайловда илк бор иштирок этаётган ёшларнинг ҳам ўз номзодлари учун овоз беришга катта масъулият билан қарагани сезилиб турди. Мамлакатимизнинг эртангги куни, бахту истиқболини кейинги 5 йилга белгилаб беришда айнан шу демократик жараён катта таъсир ўтказишини ёшу қари – барча қўқонликлар яхши англаган холда кўтаринки кайфиятда ўз номзодларини танладилар.

Қўқон шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига сайлов ўтказувчи 103-сайлов округи жойлашган. Халқ депутатлари вилоят Кенгашига сайлов ўтказувчи 4 та – яъни, 9-“Темирйўлчи”, 10-“Истиқлол”, 11-Увайсий ва 12-Алишер Навоий сайлов участкалари мавжуд. Халқ депутатлари шаҳар Кенгашига сайлов ўтказувчи 30 та сайлов округи ташкил этилган бўлиб, 70 та сайлов участкаси бириктирилган. Сайлов учасикаларида 3 та даражада сайловлар ўтказилмоқда. Олий Мажлис Қонунчилик палатасига, вилоят ва шаҳар Кенгашлари депутатлигига сайловлар бўлиб ўтмоқда.

Сайловларда халқаро кузатувчилар ва оммавий ахборот воситаларининг ҳам иштирок этиши уларнинг очиқлик, шаффофлик, демократия принципларига мос равишда ўтишига кафолат бўлиб хизмат қилмоқда.

Барча сайлов участкаларида сайловчилар керакли шарт-шароитлар яратилган бўлиб, ҳамшаҳарларимиз ўзлари муносиб деб билган сайловчиларга овоз бермоқдалар.