Фарғона вилояти прокурори қўқонлик ёшлар билан учрашди

Қўқон мусиқали драма театрида ўтказилган учрашувда Фарғона вилояти прокурори, адлия катта маслаҳатчиси Улуғбек Қосимов билан вилоят ИИБ бошлиғи, полковник Дониёр Ташходжаев, вилоят ДХХ бошлиғи, полковник Алижон Ашуров, вилоят давлат солиқ бошқармаси бошлиғи Юнус Насимжоновлар иштирок этдилар.

Улуғбек Қосимов сўнгги йилларда мамлакатимизда ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, барча ташаббусларини рўёбга чиқариш борасида амалга оширилаётган кенг қамровли ишлар, айниқса ёшларимизнинг тадбиркорлик билан шуғулланишлари учун яратилган имкониятлар хусусида сўзлади.

Муҳтарам Юртбошимизнинг Олий Мажлисга қилган мурожаатномасида ёшлар масалалари алоҳида ўрин эгаллагани, хусусан, ёшларга оид давлат сиёсатини янада ривожлантириш, ёшлар билан ишлаш самарадорлигини баҳолаш бўйича ягона кўрсаткичлар ишлаб чиқиш, ёшлар сиёсатини баҳолаш миллий индексини жорий этиш, маънавий ва жисмоний баркамол авлодни вояга етказиш мақсадида “Ўзбекистон ёшлари – 2025” концепциясини ишлаб чиқиш борасидаги таклифларини ёдга олди.

Шу билан бир қаторда, Улуғбек Қосимов яратилган кенг имкониятларга қарамасдан жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларга қўл ураётган, тарбияси оғир, аҳлоқ-одоб қоидаларига риоя қилмаётган ёшларни тўғри йўлга солиш масаласига ҳам эътибор қаратиб, бу борада қилиниши лозим бўлган ишларга тўхталиб ўтди.

Учрашувда иштирок этган ёш тадбиркорлар, депутатлар ва ёш спортчилар ҳам барча иштирокчилар билан ўзларининг тажрибаларини ўртоқлашиб, юртимизда ёшларга қаратилган эътибор, яратилган кенг имкониятлар учун ҳукуматимиз ва Президентимизга ўз миннатдорчиликларини изҳор этдилар.

Тадбирда ёшларнинг тадбиркорликни йўлга қўйиш, кредит олиш ва ишга жойлашиш борасидаги барча мурожаатлари қаноатлантирилиб, ижроси вилоят прокурорининг назоратига олинди. Учрашувда ёшларнинг билдирган барча таклифлари тингланиб, уларни қизиқтирган саволларга жавоб берилди.

Фарғона вилояти прокуратурасининг 24 соат ишлайдиган ишонч телефонлари 

73 244 10 05 

73 244 00 04

Учрашув сўнггида халқаро спорт мусобақалари ва фан олимпиадаларида юқори натижаларга эришаётган қўқонлик ёшларга Фарғона вилояти прокуратурасининг махсус совғалари ва китоблар тўпламлари топширилди.

Учрашув олдидан ташкил этилган ҳарбий техникалар намойиши ва театр фойесида ўтказилган шаҳримиз ишлаб чиқариш корхоналари ҳамда ҳунармандчилик маҳсулотлари кўргазмасида кўплаб ҳамшаҳарларимиз иштирок этдилар.