Jum. Apr 26th, 2024

Пайшанба – жиноятлар ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси куни доирасида амалга оширилаётган кенг қамровли тадбирлар ёрдамида шаҳримиз ёшлари ўртасида профилактика ишларини олиб боришга ҳам катта эътибор қаратилмоқда.

Ўқувчиларнинг дарс вақтида компьютерхоналарда ўйин ўйнаш ёки бозорда тирикчилик билан шуғулланишига йўл қўйиб бериш уларни мактабдаги таълим-тарбия жараёни ва билим олишдан ажратиб қўйиш – келажагига бефарқлик билан қараш билан баробардир. Статистик маълумотларга кўра айнан назоратсиз қолган ёшлар жиноят ва ҳуқуқбузарликлар содир этишга мойил бўладилар.

Айнан шу мақсадда дарсларни сурункали ўтказиб юбораётган ёшларни аниқлаш ва уларни мактабга қайтариш мақсадида “Ўқувчи” тадбири ташкил этилди. Тадбир давомида шаҳримиздаги таълим муассасаларидаги давомат ўрганилиб, бозорлар ва компьютерхоналар текширувдан ўтказилди.

Аниқланган ҳолатлар юзасидан маъмурий баённомалар тузилиб, ўқувчилар мактабга қайтарилди. Ёшларнинг давомати юзасидан уларнинг ота-оналари, маҳалла мутасаддилари ва ўқув муассасаси раҳбарияти билан бундай ҳолатларга йўл қўймаслик юзасидан тушунтириш ишлари олиб борилди.