Jum. Apr 19th, 2024

Мудофаага кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти мажлислар залида шаҳримиз бозорлари ва уларнинг атрофидаги автомобиллар тўхташ жойлари вакиллари, шаҳар ҳокимлиги, ДСЭНМ, Ёнғин хавфсизлиги бўлими мутасаддилари иштирокида шаҳримиз бозорларида ўтказилган мониторинг натижалари муҳокама этилди.

Тадбирда иштирокчиларга мониторинг вақтида суратга олинган видеолавҳалар намойиш этилиб, мавжуд камчиликларни бартараф этиш юзасидан тавсиялар берилди. Хусусан, бозорлар атрофидаги ноқонуний савдога чек қўйиш, бозорлардаги савдо дўконларида санитария-эпидемиология, ёнғин хавфсизлиги қоидаларига қатъий риоя қилиш, савдо расталарининг харидорлар ҳаракатланишига ҳалақит бермаслигини таъминлаш масалалари кўрилди.

Бозорларда санитария кунини дам олиш куни эмас, балки бозор ҳудудини тартибга келтириш, ободонлаштириш куни сифатида ўтказиш бозор мутасаддиларига уқтирилди. Ўз савдо дўконлари олдини саранжом-саришта қилмаётган тадбиркорлар билан тушунтириш ишларини олиб бориш, умумий фойдаланишдаги санитария тизимларини, чиқиндилар ўз вақтида ташиб кетилишини таъминлаш доимий назорат қилиб борилиши лозимлиги таъкидлаб ўтилди.